Жорий йилнинг 22–24-сентябр кунлари «Ўзэкспомарказ» МКК АЖда «Пластмасса ва полимерлар саноати – Plastex Uzbekistan 2026» 16-халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
«Plastex Uzbekistan 2026» халқаро кўргазмаси Марказий Осиёдаги пластмасса ва полимерлар саноатига ихтисослашган энг йирик кўргазмалардан бири ҳисобланади. Кўргазмада Австрия, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Италия, Хитой, Корея Республикаси, Латвия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон каби мамлакатлардан 255 та компания иштирок этмоқда.
Кўргазма экспозициясида қуйидаги ускуналар намойиш этилади: босим остида қуйиш учун термопласт-автоматлар, қувурлар, профиллар, листлар, қадоқлаш ва иссиқхона плёнкаларини ишлаб чиқариш учун экструзион ускуналар, пластмассаларни майдалаш, ювиш, грануллаш ва қайта ишлаш ускуналари, тиббий найчалар, иссиқлик изоляцияловчи ва безак панелларини ишлаб чиқариш технологиялари, пластик идишлар ишлаб чиқариш учун қолиплаш ускуналари.
Шунингдек, кўргазмада полиэтилен, полипропилен, полистирол, муҳандислик пластмассалари ва бошқа турдаги маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
Кўргазма ташкилотчилари — Iteca Exhibitions халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори ICA Eurasia Group.