Ру Ўз O'z En

Қурувчилар учун қоидалар

«Ўзэкспомарказ» МКК АЖ ҳудудида кўргазма стендлари ва

экспозициялар қурувчиларининг ишларини ташкил этиш

ҚОИДАЛАРИ

 

  1. Умумий қоидалар

1.1. Ушбу қоидалар «Ўзэкспомарказ» МКК АЖ бўлимлари ва хизматлари томонидан қурувчиларнинг фаолиятини бошқариш, ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва ишларини назорат қилиш учун мўлжалланган.

1.2. Қоидалар кўргазма стендлари ва экспозицияларини қурилишида қуриш технологияси ва ёнғин хавфсизлигига қоидаларига риоя этилишини назорат қилишни, уларни кўргазма иштирокчиларига ўз вақтида топширишни, монтаж ва демонтаж ишларида тозалик, тартиб ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишни тартибга солади.

1.3. Қоидалар «Ўзэкспомарказ» МКК АЖ ҳудудида кўргазма стендлари ва экспозицияларини қурувчиларининг ишларни ташкил этиш учун ишлаб чиқилган ва барча кўргазма стендлари ва экспозицияларини қурувчилар (маҳаллий ва хорижий) учун мажбурийдир.

1.4. Қурувчиларга, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун, ушбу Қоидаларда назарда тутилган барча зарур келишувларни расмийлаштириш ва низомларни бажариш шарти билан ёзма рухсатномалар расмийлаштириш орқали “Ўзэкспомарказ” МКК АЖ ҳудудида кўргазма ускуналари, материаллар ва кўргазма стендлари конструкцияларини олиб кириш/олиб чиқиш ва монтаж/демонтаж ишларини бажариш учун рухсат берилади.

1.5. Агар кўргазма тадбирининг иштирокчиси монтаж ва демонтаж ишларини мустақил равишда амалга оширса, унда ушбу қоидаларга асосан, монтаж ва демонтаж ишлари даврида иштирокчига нисбатан қурувчи мақоми қўлланилади.
1.6. Қурувчи корхона аккредитациядан ўтказиш хизмати учун бир марталик тўлов «Ўзэкспомарказ» МКК» АЖ томонидан тасдиқланган нормативига мувофиқ кўргазма доирасида ундирилади.

Ушбу қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш кўргазмалар ва кўргазма хизмати бўлимига, техник хизмат муҳандислари ва кўргазма ташкилотчиси дирекциясига юкланади.

  1. Кўргазма стендлари ва экспозицияларини монтаж ва демонтаж ишларини

келишиш регламенти

        2.1.Қурувчи кўргазманинг монтаж ишлари бошланишидан 7 кун олдин стенд режалари ва кўргазма стендларини қуришда ишлатиладиган материалларнинг спецификацияларини, шунингдек, қуриладиган стенд ҳақидаги барча маълумотларни (стенд режалари, электр тармоғи, фермаларга маҳкамлаш, агар мавжуд бўлса) санитария, техника ва ёнғин хавфсизлиги меъёрларига мувофиқлигини келишиш учун "Ўзэкспомарказ" МКК АЖга тақдим этиши шарт. Шунингдек, кўргазма монтаж ишлари бошланишидан 7 кун олдин асосий ва қўшимча хизматлар кўрсатиш учун ёзма ариза тақдим этилади.
      2.1.1. «Ўзэкспомарказ» МКК» АЖ қурувчи корхона билан аккредитация хизматлари кўрсатиш бўйича шартнома тузади. «Ўзэкспомарказ» МКК» АЖ мутахассислари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилгандан сўнг ва қурувчи корхона томонидан шартнома тўлови амалга оширилгач, ушбу кўргазма учун аккредитация хати (маълумотнома) берилади.
     2.2. Кўргазма стенди ва экспозицияни қуриш ва ўрнатиш учун ишлатиладиган ва олиб кириладиган барча қурилиш материаллари, уларнинг ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шу жумладан ишлаб чиқарувчининг техник шартлари, ёнғинга қарши ишлов берилганлигини тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатлар олдиндан тақдим этилиши керак.
       2.3. Қурувчи иш бошланишидан 10 иш куни олдин «Ўзэкспомарказ» МКК» АЖга монтаж ва демонтаж ишларини амалга оширишда умумий раҳбарликни таъминлаш учун масъул шахснинг фамилияси, исми, шарифи, алоқа воситасининг рақамларини ҳамда павильон ва кўргазма майдонларида ишга жалб қилинадиган ходимлар (монтажчилар) рўйхатини, паспортларининг нусхаларини ёзма равишда тақдим этиши шарт.

2.4. Кўргазма стендини қуриш ва ўрнатиш пайтида ёнғин хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш учун жавобгарлик ишлаб чиқарувчининг масъул шахсига юкланади.

2.5. Қурувчининг масъул шахси иш бошланишидан аввал ишчилар (монтажчилар) билан меҳнат муҳофазаси, ёнғин ва электр хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ тегишли йўриқномалар  ўтказиши ва билимларини текшириш орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштириши керак.

2.6. Ходимлар шахсий гигиена қоидаларини билишлари ва уларга риоя қилишлари керак; кўргазма майдонлари ҳудудида чекиш (бунинг учун махсус жиҳозланган жойлар бундан мустасно) ва ишдан олдин ва иш пайтида спиртли ичимликлар ичиш, шунингдек иш жойида гиёҳвандлик ва токсикологик мастлик ҳолатида бўлиш ман этилади.

2.7. Қурувчи кўргазма биноларида технологик, кўргазма ва бошқа жиҳозларни жойлаштиришда лойиҳа стандартларига мувофиқ фавқулодда чиқишлар ва ўтиш жойларини таъминлаши, шунингдек, электр панеллари ва ёнғин кранларига ўтиш йўлаклари қолдириши шарт.

2.8. Ҳар бир кўргазма стендида ушбу қоида талабларини бажариш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш учун қурувчи ташкилот номи, масъул шахснинг фамилияси, исми ва шарифи, шунингдек мобил телефон рақами кўрсатилган маълумот табличкаси ўрнатилган бўлиши керак.

2.9. Кўргазма стендларини қурилишида фаолият кўрсатаётган қурувчи ташкилот монтажчиларининг штат таркиби бажарилаётган иш хусусияти ва шартларига мувофиқ меҳнат хавфсизлигини таъминловчи махсус кийим (костюм ва шим ёки комбинзон ва мавсум бўйича футболкалар, қўлқоплар, муҳофаза бош кийимлари), махсус пойабзал ва бошқа ҳимоя воситалари (хавфсизлик камарлари, ҳимоя кўзойнаклари) кийган бўлишлари керак. Стенд қурилишида ишлайдиган ҳар бир ишчи кийимига монтаж ташкилотининг номи туширилган ва монтажчининг фамилияси, исми ва шарифи кўрсатилган бейджикга эга бўлиши керак.

2.10. Эксклюзив кўргазма стендини (стандарт бўлмаган тузилмалар ва элементлардан йиғиладиган) олдиндан монтаж, йиғиш ва бўяш ишлари ишлаб чиқарувчининг ишлаб чиқариш майдонларида амалга оширилади, кейинчалик алоҳида модулли тузилмалар ва элементлари "Ўзэкспомарказ" МКК АЖга этказиб келтирилиб, йиғиш ишлари амалга оширилади.

"Ўзэкспомарказ" МКК АЖ павилонлари ичида арралаш, кесиш, қириб ташлаш, теккислаш, бўёқ бериш, материалларни қайта ишлаш ва бошқа ишларни бажаришга йўл қўйилмайди.

Кўргазма майдончасида стендларни монтаж ишлари қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарувчининг ишлаб чиқариш майдонларида олдиндан тайёрланган, теккисланган ва бўялган модулли тузилмаларидан иборат стенд элементларидан амалга оширилади.

Истисно тариқасида, фақат кўргазма стендларининг таркибий элементларини чанг йиғувчи қурилма ўрнатилган электр асбоблари ёрдамида стендга созлаб ўрнатиш ва уланган жойларини бўяшга рухсат берилади.

2.11. Баландликда ишлаш ишларини қурувчининг қурулиш ишлари бўйича масъул ходими иштирокида амалга оширилиши керак. Нарвонлар, қурулиш лесалари ва кўтариш механизмлари ёрдамида баландликда бажариладиган ишларни бажаришда хавфсизлик мосламалари ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш лозим. Юклаш ва тушириш ишларини бажаришда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш керак.

2.12. Агар стендни ўрнатишда павилоннинг юқоридаги металл конструкцияларига маҳкамлашни талаб қилса, маҳкамлаш ишларини фақат «Ўзэкспомарказ» МКК» АЖ монтажчилари олдиндан берилган буюртма асосида амалга ошириш ҳуқуқига эга.

2.13. Электр асбоблари билан ишлаганда шахсий ҳимоя воситаларидан (ШХВ) фойдаланиш, электр асбоблари ва бошқа электр жиҳозларидан фойдаланиш тўхтатилганда, уларни электр қувватидан узиб қўйиш керак.

2.14. Кўргазма стендларини ўрнатиш ва йиғиш, қадоқланган тара ва элементларни очиш бўйича барча ишлар иштирокчи ижарага олган майдон доирасида амалга оширилиши керак, кўргазма стендлари орасидаги ўтиш жойлари юк тараси, қадоқлаш, қурилиш материаллари, конструкция, ускуналар ва экспонатлардан холи бўлиши керак.

Юкдан бўшатилган таралар (қутилар, паддонлар, паллетлар ва бошқалар) дарҳол «Ўзэкспомарказ» МКК» АЖ павилонлари ҳудудидан ташқарига ёки сақлаш учун тегишли тўловни амалга ошириб, вақтинча сақлаш омборига олиб чиқилиши керак.

2.15. Юк тараси ва кўргазма мулкини очиш пайтида ҳосил бўлган, кичик қурилиш ва кўргазма чиқиндиларини, қурувчи кўргазма залларининг транспорт эшиклари орқасидаги махсус ажратилган жойларга (контейнерларга) олиб чиқиши шарт.

Ёғоч, пластмасса (ДСП, ДВП, оргалит, пластик) ва бошқа шунга ўхшаш материаллардан тайёрланган юк таралари ва бошқа катта ҳажмдаги қадоқларни, қурувчи кўргазмани монтаж ва демонтаж қилиш учун белгиланган вақтда "Ўзэкспомарказ" МКК АЖ ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетиши керак.

2.16. Қурувчига қуйидагилар тақиқланади:

- «Ўзэкспомарказ» МКК» АЖ билан келишмасдан туриб, юклаш-тушириш ишларини амалга ошириш учун автотранспортнинг кўргазма залига кириши;

- стационар электр панеллари, технологик люклар, ёнғин шкафлари ва бошқа муҳандислик ускуналари ўрнатилган жойларда қурилиш конструкуцияларини монтаж қилиш;

- ёғочни қайта ишлаш ускуналарини кўргазма залларига олиб кириш ва улар орқали арралаш, теккислаш ва бошқа дурадгорлик ишларини бажариш;

- кўргазма стендининг таркибий қисмларини қуриш билан боғлиқ пайвандлаш, арралаш, силлиқлаш, бўяш, металлга кесиш ускунаси ва бурчак-силлиқлаш машиналари (болгарка) билан ишлов бериш, шунингдек павильон ва кўргазма майдонлари ичида ҳар қандай ёнғин (олов) ишларини бажариш;

- павильонларга босимли идишларни, шунингдек тез ёнувчан, заҳарли моддалар ва материалларни олиб кириш;

- ўрнатилаётган кўргазма стендининг конструкцияларини тўлиқ бўяш билан боғлиқ бўёқ ишларини бажариш;

- кўргазма павилонларининг поллари, деворлари ва устунларига бўёқ, лак, элим ёки бошқа олиб ташлаш қийин бўлган қопламани қўллаш;

- павильон ва кўргазма майдонлари пол қопламаларида, деворларида, устунларида турли хил тешик тешиш ишларини амалга ошириш;

- кўргазма павильонининг шип металл конструкциясига кўргазма стенди конструкциялари ва реклама воситаларини осиб қўйиш;

- юкларни ташиш ишларида полга тўшалган гилам қопламаси устидан юк ташиш моламасини ҳайдаб ўтиш ёки босиб ўтиш;

- кўргазма стендини монтаж қилиш майдонида заруратсиз қолиш;

- кўргазма стендининг ўрнатиш майдонидан ташқарида материаллар, кийим-кечак, поябзал ва бошқа шахсий буюмларни жойлаштириш ва сақлаш;

- қурилиш-монтаж ишлари, дам олиш ва овқатланиш вақтида бошқа қурувчиларнинг стендларидан ва кўргазма иштирокчиларига олиб келинган мебель ва жиҳозлардан фойдаланиш;

- кўргазма мебеллари ва жиҳозларини кўргазма стендининг ўрнатиш майдонидан ташқарига олиб чиқиш;

- кўргазма залининг деворларига, устунларига, деразаларига ва эшикларига ҳар қандай қурилиш конструкциялари ва материалларини суяб қўйиш;

- маълумот белгиларини деворларга, ойналарга, устунларга, кўргазма залининг полига, ёнғин шкафларига ва залнинг бошқа ички элементларига ёпиштириш ва жойлаштириш;

- "Ўзэкспомарказ" МКК АЖ ҳудудидаги очиқ майдонлари ва павильонларининг мрамор, кафель, бетон, асфальт ва брусчаткали пол қопламаларига зарар етказиш;

- стендларни демонтаж қилишда стенд конструктсияларини полга ағдариш ва стенднинг алоҳида элементларини юқоридан ерга ташлаб юбориш;

- стенд юза қисмини ювиш учун бензин, керосин, нитро эритувчилар ва бошқа тез ёнадиган аралашмалардан фойдаланиш;

- спиртли ичимликлар ёки гиёҳванд моддалар таъсири остида маст ҳолатда бўлган қурувчининг ходимларига монтаж ёки демонтаж ишларини бажаришга рухсат берилмайди.

2.17. Қурувчи, тўловни амалга оширгандан сўнг, "Ўзэкспомарказ" МКК АЖ инвентарларидан фойдаланиш имкониятига эга.

2.18. Стандарт стендларни бадиий безашда қурувчи кўргазма ускуналарида элим ёки ифлосланиш изларини қолдирмайдиган юқори сифатли оракал (ўз-ўзидан ёпишқоқ плёнка) дан фойдаланиши керак.

2.19. Кўргазма стендлари ва экспозицияларини демонтаж қилиш фақат кўргазма тугагандан сўнг бошланиши мумкин ва ҳар куни демонтаж муддатининг охирги кунигача соат 18.00 дан олдин кўргазмани демонтаж қилиш ишлари тугатилиши ёки демонтаж муддатини 18.00 дан кечиктирмасдан узайтиришга рухсат олиниши керак, агар ушбу кўргазма учун демонтажни тугатиш вақти махсус белгиланмаган бўлса.

2.20. Қурувчи "Ўзэкспомарказ" МКК АЖ ҳудудига стенд элементларини ўрнатишни бошлаш учун келишилган муддатларда олиб кириш ва демонтаж қилишнинг бир кунидан кечиктирмай олиб чиқиш, шунингдек тақдим этилган кўргазма майдонларини белгиланган муддатларда бўшатиб қўйиш ва дастлабки ҳолатига келтириш мажбуриятини олади.

  • 21. Кўргазма стендларининг барча кўргазма мол-мулки, бадиий безаклари, жиҳозлари ва конструкциялари (материаллар, узеллар, деталлар) демонтаж муддати тугагунга қадар "Ўзэкспомарказ" МКК АЖ худудидан ташқарига олиб чиқилиши керак.
  • 22. Қурувчи, демонтаж ишларини якунлаганидан сўнг, кўргазма стенди учун тақдим этилган майдонни қурилиш чиқиндилари, ахлат, пол қопламалари, ёпишқоқ лента, доғ ва элимдан тозалаши лозим.

 

  1. Электр ишларини бажариш учун қўйилган талаблар

3.1. Кўргазма иштирокчиларининг стендларида электр ишларини бажариш учун фақат тегишли сертификатларга эга бўлган ташкилотлар ишга қўйилади.

Электр ходимларига қўйиладиган талабларга жавоб берадиган ва электр хавфсизлиги бўйича тегишли малакага эга бўлган шахсларга кўргазма стендларида электромонтаж ишларини бажариш ва электр жиҳозларига тезкор хизмат кўрсатиш учун рухсат берилади.

3.2. Барча электромантаж ишлари Электр энергетикаси назорати давлат агентлиги бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланган (2004 йил 13 февралдаги 84-сон) "Електр иншоотларини қуриш қоидалари", истеъмолчиларнинг электр иншоотларини ишлатиш пайтида техника хавфсизлиги қоидалари (2004 йил 2 августдаги 271-сон) ва бошқа меъёрий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши керак.

3.3. Электр ишлари экспонент томонидан тақдим этилган кўргазма стендининг режа-схемасига мувофиқ амалга оширилади, унда электр таъминоти ускуналари ва ёритгичларининг жойлашиши, электр таъминоти кучланиши, ускунанинг ҳар бир бирлиги учун юкларнинг максимал қуввати, электр жиҳозларининг электр таъминоти манбаларига уланиш нуқталари кўрсатилиши керак.

3.4. Ходимлар электромонтаж ишларига қабул қилинган пайтдан бошлаб ходимларнинг техника хавфсизлиги талабларига риоя қилишини назорат қилиш қурувчининг масъул шахсига юкланади.

3.5. Ток ўтказувчи участкалардаги (ёки уларга яқин бўлган) барча электромонтаж ишлари фақат электр қувватини узиб қўйган ҳолда амалга оширилиши керак.

3.6. Электр тармоқларини очиқ ётқизишда, агар уларнинг механик шикастланиш хавфи бўлмаса, ёнмайдиган қобиқли кабеллардан фойдаланиш керак.

3.7. Очиқ жойларда ва одамлар ўтадиган жойларда кабель махсус траплар билан ёпилиши керак.

3.8. Ҳимояланмаган электр симларини ётқизиш ва ёнадиган конструкцияларга ёритиш мосламаларини ўрнатиш тақиқланади.

3.9. Симлар ва кабелларнинг барча уланишлари ва тармоқлари фақат махсус қисқичлар ва улагичлар билан амалга оширилиши керак, симларни тўғридан-тўғри улаш орқали электр қабул қилувчиларни электр тармоғига улаш тақиқланади.

3.10. Экспозиция стендининг 380/220в (гуруҳ электр панели) кириш қурилмасига уланадиган қувват кабели тўрт симли бўлиши керак ва бир фазали электр тармоғига уланадигани, икки симли бўлиши керак.

3.11. Стенднинг металл конструкциялари "Електр иншоотларини қуриш қоидалари" талабларга мувофиқ ноллаштириш керак.

3.12. Кўчма ёки ташувчан ток қабул қилувчиларни улаш учун эгилувчан симлар, кабеллардан фойдаланиш ва уларни механик шикастланишдан ҳимоя қилиш зарур.

3.13. Ҳар бир стенд ҲЎМ (ҳимоя ўчириш мосламаси) бўлган гуруҳ электр панели билан жиҳозланган - ЕИҚҚ талабларига мувофиқ ва ёритиш тармоғи ва технологик ускуналарнинг электр таъминоти тармоғи шунингдек, кун бўйи электр таъминоти кучланишини таъминлаш керак бўлган ускуналар (музлатгичлар, факслар ва бошқалар) тармоғи, тегишли ҳисоблар асосида кучланишларни хаддан ташқари оқимлар ва юқори кучланишдан ҳимоя қилувчи алоҳида қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

3.14. Электр қувватни тақсимлаш ва кириш қурилмаларига эркин кириш йўлини таъминлаш керак.

3.15. Стендларни ёритиш учун ёнғинга хавфли хоналарга ўрнатишга мўлжалланган электр ёритгичлардан (светильник) фойдаланиш керак. Органик шиша, полистирол ва бошқа ёнувчан материаллардан тайёрланган ёритгичларнинг  ёруғлигини тарқатиш мосламасидан фойдаланишга рухсат берилмайди.

3.16. Электр монтаж ишлари тугагандан сўнг, қурувчининг масъул шахси электр ишларини бажариш сифатини текширади ва "Ўзэкспомарказ" МКК АЖ электр монтёри билан биргаликда режа-схемага мувофиқ электр таъминоти манбаасига улаш ишлари амалга оширади.

3.17. Кўргазма тугагандан сўнг электр таъминоти манбаасидан узиш "Ўзэкспомарказ" МКК АЖ электротехника ходимлари томонидан электр жиҳозларини демонтаж қилиш учун масъул шахснинг буюртмасига биноан амалга оширилади.

3.18. Стенд электр жиҳозларини тегишли электр манбаидан ўчириш ва демонтаж қилиш ишлари монтажни амалга оширган ходимлар томонидан бажарилади.

3.19. Электротехника ишлари (стендлар ва кўргазмаларни қувват манбаларига улаш), сиқилган ҳаво билан таъминлаш бўйича ишлар, шунингдек, барча сантехника ишлари фақат “Ўзэкспомарказ” МКК АЖ мутахассислари томонидан амалга оширилади.

3.20. Қурувчи стендларни монтаж (демонтаж) қилиш ишларида электр асбобларини қувват манбаига улаш учун кўргазма павилонларининг периметри бўйлаб жойлашган стационар электр розеткаларидан (220 В 16 А) фойдаланади.

3.21. Электр двигателлар, бошқарув мосламалари, тартибга солиш ва ишга тушириш, назорат, ўлчаш ва ҳимоя қилиш ускуналари, ёрдамчи ускуналар ва симлар "Электр қурилмаларини ўрнатиш қоидалари"га мувофиқ зоналар синфига мос келадиган ва ҳимоя даражасига, шунингдек, қисқа туташув ва юқори кучланишдан ҳимоя қилиш мосламаларига эга бўлиши керак.

3.22. Электр қурилмаларини ишлатишда қуйидагилар тақиқланади:

-ишлаб чиқарувчиларнинг тавсияларига (кўрсатмаларига) мос келмайдиган ёки ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган носозликлар мавжуд бўлган электр мосламалари ва қурилмаларидан фойдаланиш, шунингдек изоляцияси шикастланган ёки ҳимоя хусусиятларини йўқотган симлар ва кабелларни ишлатиш, бурмаланган симлардан фойдаланиш;

-розеткалар, автомат, ўчириб-ёқиш рубильниклари ва бошқа маҳсулотларини куйиб шикастланган жойларга ўрнатиш.

  1. Қўшимча шартлар

4.1. Қурувчи "Ўзэкспомарказ" МКК АЖ мол-мулки ва бошқа экспонентларга шикаст етказган тақдирда, тўлиқ моддий жавобгарликни ўз зиммасига олади

4.2. Агар юқорида кўрсатилган ёки меҳнат мухофазаси, техника ва ёнғин хавфсизлиги элементар қоидаларига риоя қилинмаса, "Ўзэкспомарказ" МКК АЖ (ташкилотчилар билан олдиндан келишилган ҳолда) монтаж ишларини қоидабузарликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга.

4.3. “Ўзэкспомарказ" МКК АЖнинг масъул ходимлари томонидан кўргазма стендлари ва экспозицияларини қуриш бўйича келишилган лойиҳалар бўйича ёнғин хавфсизлиги нормаларидан четга чиқишлар аниқланган тақдирда, бу ҳақда қурувчининг вакилини хабардор қилади ва оғишларни бартараф этиш бўйича далолатнома ва кўрсатмалар тайёрлашда иштирок этади.

4.4. Қурувчи "Ўзэкспомарказ" МКК АЖга қурувчининг бевосита айби билан юзага келиши мумкин бўлган барча йўқотишларни қоплаш мажбуриятини олади.

4.5. Қурувчи "Ўзэкспомарказ" МКК АЖнинг ёзма розилигисиз ишлаб чиқувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини учинчи шахсларга бермаслик мажбуриятини олади.

4.6. Қурувчидан ёпиқ жиҳозланмаган кўргазма майдонига буюртма берган иштирокчилар "Ўзэкспомарказ" МКК АЖ билан келишмасдан индивидуал стендларнинг элементлари сифатида стандарт кўргазма ускуналаридан ("Октанорм" ва "Махима"турлари) фойдаланишга ҳақли эмас.

4.7. Қурувчи ижарага олган стенд жихозларини тоза ҳолда (ёпишқоқ оракал, стикер, скотчдан тозаланган ҳолда) топширишни ўз зиммасига олади.

4.8. Қурувчи кўргазма майдонларидан, "Ўзэкспомарказ" МКК АЖ мол-мулкидан нотўғри фойдаланганлиги учун жавобгардир ва техника хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилади.

4.9. Қурувчилар томонидан юқорида кўрсатилган қоидалар, меҳнат мухофазаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилган тақдирда, “Ўзэкспомарказ” МКК АЖ томонидан қоидабузарликларни кўрсатувчи далолатнома тузилади. "Қоидабузарликлар тўғрисида"ги далолатнома асосида қурувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 (эллик) бараваригача бўлган миқдорда жарима солинади, шунингдек, қурувчи "қора рўйхат"га киритилади, унга кўра қурувчи "Ўзэкспомарказ" МКК АЖ ҳудудида 3 (уч) йил ичида қурилиш ишларини амалга ошириш ҳуқуқини йўқотади.

Муҳим!!!

Кўргазма стендларини монтаж/демонтаж қилиш кунлари иш вақти соат 09:00 дан 18:00 гача белгиланган.

Кўргазма очилиш кунидан олдинги куни (кириш куни) иш вақти соат 09:00 дан 21:00 гача белгиланган.

 

Агар қурувчи белгиланган муддатдан ўтиб хам монтаж/демонтаж ишларини бажариши керак бўлса, у “Ўзэкспомарказ” МКК АЖнинг тасдиқланган стандартларига мувофиқ қўшимча муддат ишлаши учун тўловни амалга ошириши лозим.

Кўргазма номи: _____________________________________________________________________

Қурувчи компания: __________________________________________________________________

Ходимлар рўйхати:

Ф.И.Ш.

Паспорт серияси ва рақами

Ф.И.Ш.

Паспорт серияси ва рақами

1

6

2

7

3

8

4

9

5

10

Компания стенди: ___________________________________________________________________

Масъул шахс _______________________________________________________________________

                                                                                                                      Ф.И.Ш

Юқоридаги талабларни ўқиб чиқдим ва уларга риоя қилишга розиман _______________________

                                                                                                                                          имзо      

Тел. ______________________________

Кириш санаси: ____________________ 2024 й.

Сана: ____________________ 2024 й.

Мулоқот учун:

Кўргазмалар ва кўргазма хизматлари бўлими +998 71 2385600

Меҳнатни муҳофаза ва техника хавфсизлиги

мухандиси _________________________________________________________________________

Фуқаро муҳофазаси ва

ёнғин хавфсизлиги муҳандиси _________________________________________________________

Участка энергетиги __________________________________________________________________

Бош механик _______________________________________________________________________

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech