Ру Ўз O'z En

"Тошкентленд"га ташриф буюриш қоидалари

“Ўзэкспомарказ” МКК АЖ
Бошқарув раисининг
30.04.2026 йилдаги
43-ICH-сон
ли буйруғига
3-илова

“ТОШКЕНТЛЕНД” БОЛАЛАР БОҒИГА ТАШРИФ БУЮРИШ ҚОИДАЛАРИ

1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазма компанияси АЖ га қарашли, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Амир Темур кўчаси 107-уйда жойлашган “Тошкентленд” болалар боғи кўп функцияли аттракционлар боғиидир. Аттракционлар илмий асосда ишлаб чиқилган ва хавфсиз бўлиб, уларнинг тўғри фойдаланилиши инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмайди.

1.2. Мазкур Қоидалар боғга ташриф буюриш тартибини белгилайди ва барча ташриф буюрувчилар учун мажбурийдир. Ташриф буюрувчилар боғга киришдан олдин ушбу қоидалар билан танишишлари шарт. Боғга кирган ҳар бир шахс мазкур Қоидалар билан танишганини ва уларга сўзсиз риоя қилишини автоматик равишда тасдиқлайди. Қоидалар қўпол бузилган ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид юзага келган ҳолларда, маъмурият киришни рад этиш ҳуқуқига эга.

1.3. Маъмурият Қоидаларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга. Амалдаги таҳрирлар расмий стенд ва/ёки веб-сайтда эълон қилинади. Аттракционлардан фойдаланиш қоидалари ҳар бир аттракционнинг кириш қисмида жойлаштирилади.

1.4. Боғнинг иш тартиби, қўшимча хизматлар ва нархлар кириш қисмида жойлашган бўлиб, маъмурият томонидан ўзгартирилиши мумкин.

1.5. Боғ ҳудудида турли аттракционлар ва ўйин мажмуалари мавжуд бўлиб, улар учун алоҳида фойдаланиш қоидалари амал қилади. Улар билан олдиндан танишиш ва қатъий риоя қилиш шарт:

      - хизматлардан фойдаланишни бошлашдан олдин мазкур Қоидалар ҳамда боғнинг ахборот стендларида жойлаштирилган бошқа маълумот материаллари билан мустақил равишда танишиш;

- қоидаларга риоя қилиш;

      - аттракциондан фойдаланиш вақтида хавфсизликка тааллуқли бўлган бошқарув пулти операторларининг талабларини бажариш;

- жамоат тартибига риоя қилиш ва мулкка эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш.

2. ТАШРИФ БУЮРУВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

2.1. Мазкур Қоидалар доирасида боғ хизматларидан фойдаланиш.
2.2. Биринчи тиббий ёрдам олиш.
2.3. Ҳаваскор фото ва видео суратга олиш.
2.4. 95-156-22-22 телефони орқали маълумот олиш.
2.5. Қўшимча ҳақ эвазига ресторан ва савдо нуқталаридан фойдаланиш.
2.6. Боғ хизматларидан фойдаланиш бўйича ҳар қандай ноаниқликлар юзага келганда, зарур маълумотларни олиш учун боғнинг масъул ходимларига мурожаат қилиш.

3. ТАШРИФ БУЮРУВЧИЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ

3.1. Қоидаларга риоя қилиш, бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, мулкка эҳтиёткор бўлиш.

3.2. Қўриқлаш ходимлари талабига биноан шахсий буюмларни кўрикдан ўтказишга тақдим этиш.

3.3. Аттракционлардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш. Ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатувчи ходимларнинг рухсатисиз аттракционлар ҳудудига ўзбошимчалик билан кириш тақиқланади. Аттракционлардан фойдаланиш учун чипта фақат боғ кассасидан сотиб олинади.

3.4. Аттракционларга ташриф буюришда ўз соғлиғи ва болалар соғлиғи ҳолати, шунингдек индивидуал хусусиятларини инобатга олган ҳолда хавф даражасини мустақил баҳолаш.

3.5. Аттракционда бўлиш давомида хавфсизлик бўйича бошқарув пулти операторлари томонидан берилган кўрсатмаларга амал қилиш.

3.6. Жароҳат олган тақдирда кескин ҳаракатлар қилмаслик, зудлик билан хизмат кўрсатувчи ходимларга ёки бошқа ташриф буюрувчиларга тиббий ёрдам зарурлиги ҳақида сигнал бериш.

3.7. Фавқулодда ҳолатлар, йўқолган буюмлар ва хавфсизликка таҳдид солувчи бошқа вазиятлар юзага келганда дарҳол боғ ходимларига хабар бериш.

3.8. Боғ мулки ва ўсимликларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, тозаликни сақлашга кўмаклашиш ҳамда санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш.

  Болалар билан ташриф буюрувчилар учун:

3.9. Вояга етмаган ташриф буюрувчилар доимий равишда катталар назоратида бўлиши шарт.

3.10. Ота-оналар ёки болалар билан бирга келган шахслар боғ ҳудудида бўлган вақт давомида ўз фарзандлари ёки уларга ишониб топширилган болаларнинг хулқ-атворини назорат қилишлари, шунингдек боланинг боғга ташриф буюриши ва аттракционлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши учун шахсий жавобгарликни ўз зиммасига олишлари шарт.

3.11. Аттракционларга ташриф буюришда ота-оналар ва болалар билан бирга келган шахслар аттракционлардан фойдаланиш қоидаларига, бўй, вазн ва ёш бўйича чекловларга эътибор беришлари шарт.

3.12. Спорт жиҳозларини ижарага бериш пунктларига ташриф буюрилганда ота-оналар ҳамда болалар билан бирга келган шахслар жиҳозлардандан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига эътибор беришлари шарт.

4. ТАШРИФ БУЮРУВЧИЛАРГА ТАҚИҚЛАНАДИ

4.1. Алкогол, гиёҳвандлик ёки заҳарланиш ҳолатида бўлиш. Ҳудудга алкоголли ичимликлар, гиёҳванд моддалар, осон ёнувчи, заҳарловчи, токсик ва заҳарли моддалар, буюмлар ёки суюқликлар, газ баллончалари, турли турдаги қуроллар, санчувчи ва кесувчи буюмларни олиб кириш. Пиротехника воситаларидан фойдаланиш.

4.2. Автотранспорт воситалари ва мотороллерлар билан кириш. Ҳудудга уй ва ёввойи ҳайвонлар билан кириш. Тарвуз, қовун ва бошқа полиз экинларини олиб кириш. Ҳудудни ифлослантириш, чиқиндилар ташлаш ва гулхан ёқиш. Махсус ажратилмаган жойларда чекиш. Қуёшда ярим яланғоч ёки яланғоч ҳолда тобланиш, чўмилиш ва балиқ овлаш. Велосипед, самокат, роликли конкилар, скейтборд, скутер ва шунга ўхшаш воситаларда юриш.

4.3. Хизмат хоналарига кириш.

4.4. Боғ мулки ва ўсимликларига зарар етказиш, уларни бузиш ёки шикастлаш

4.5. Профессионал ускуналардан фойдаланган ҳолда тижорат фото ва видео суратга олиш фақат олдиндан келишув асосида рухсат этилади.

4.6. Маъмурият рухсатисиз:

  • савдо, реклама, тарғибот;
  • оммавий тадбирлар;
  • қулоқчинларсиз аудио ёзувларни тинглаш, овоз кучайтирувчи воситалардан фойдаланиш, мусиқа асбобларини чалиш.
  • электр қурилмаларни улаш.
5. ЖАВОБГАРЛИК

5.1. Ташриф буюрувчи айби билан болалар боғи мулкига зарар етказилган ёки у бузилган тақдирда, етказилган зарар тўлиқ ҳажмда қопланиши шарт. Компенсация (товон пули) миқдори таъмирлаш ёки алмаштириш қиймати асосида белгиланади.

5.2. Мазкур Қоидалар бузилган тақдирда, боғ маъмурияти ташриф буюрувчини ҳудуддан чиқиб кетишни сўраш, унга киришни ва хизматлардан фойдаланишни рад этиш ҳуқуқига эга. Қоидабузарларга аттракционлар учун тўланган маблағ қайтарилмайди.

5.3. Боғ ҳудудида ташриф буюрувчилар ҳаддан ташқари кўпайиб, ноқулайлик ёки соғлиқ учун хавф туғдирган ҳолларда, маъмурият чипта сотишни ва боғга киришни вақтинча тўхтатиш ҳуқуқига эга.

5.4. Болалар боғи маъмурияти боғ фаолиятини яхшилаш мақсадида ушбу Қоидалар ва бошқа тартибга солувчи йўриқномаларга бир томонлама асосда асосли ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

5.5. Ташриф буюрувчилар томонидан ушбу Қоидалар бузилиши натижасида юзага келган бахтсиз ҳодисалар учун маъмурият жавобгар эмас.

5.6. Маъмурият боғ ишини белгиланган иш вақтидан олдин якунлаш ҳуқуқига эга.

5.7. Қаровсиз қолдирилган шахсий буюмлар учун боғ маъмурияти жавобгарликни ўз зиммасига олмайди.

6. ҚЎШИМЧА

6.1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, жумладан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, санитария ва ёнғин хавфсизлиги меъёрлари асосида ишлаб чиқилган.

6.2. Жисмоний имконияти чекланган ташриф буюрувчиларга обектнинг техник имкониятлари доирасида боғ ходимлари томонидан ёрдам кўрсатилиши мумкин.

6.3. Маъмурият ташаббуси билан боғ муддатидан олдин ёпилган тақдирда, компенсация (товон пули) берилиши ёки ташриф бошқа вақтга кўчирилиши мумкин.

6.4. “Тошкентленд” болалар боғи ҳудудида ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш, қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 24 соат давомида видеокузатув олиб борилади. Видеоёзувлар зарурат туғилганда фойдаланилиши ҳамда белгиланган тартибда ваколатли органларга тақдим этилиши мумкин.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech