2025 йил 16–18 апрель кунлари «Ўзэкспомарказ» МКК” АЖда чарм, пойабзал, мўйна, қўйтери (каракул) ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар бўйича 18-Халқаро «UzCharmExpo-EURASIA-2025» кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Кўргазма экспозициялари 3- павильон ва Атриум 2 залида жойлаштирилган.
Кўргазмада Италия, Туркия, Эрон, Хитой, Россия ҳамда Марказий Осиё давлатларидан келган 200 га яқин компаниялар иштирок этмоқда. Улар Ўзбекистондаги чарм ва пойабзал саноатини экологик барқарорлик тамойилларига асосланган инновацион маҳсулот ва технологиялар билан таништирадилар.
Кўргазмада «яшил» технологиялар, қайта ишлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган экологик тоза маҳсулотлар намойиш этилади.
Шунингдек, кўргазма доирасида B2B, G2B, G2G форматларида учрашувлар ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Кўргазма ташкилотчилари: «Узчармсаноат» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Халқ банкидир.