2023 йилнинг 20-29 январь кунлари Берлин шаҳрида (Германия) “Халқаро яшил ҳафталиги (ХЯҲ)” ўтқазилмоқда. Ҳафталик доирасида қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва халқаро озиқ-овқат кўргазмаси ташкил этилган. Ушбу ҳафталикда республикамиз 240 квадрат метр майдонида жойлаштирилган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деб номланган стенди билан иштирок этмоқда.
Ўзбекистон стендида Қорақалпоғистон Республикаси, мамлакатимиз вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 60 дан ортиқ тадбиркорларнинг миллий маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Жумладан: 227 турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари – янги ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, қайта ишланган сут ва гўшт маҳсулотлари, ёғ ва ёғ маҳсулотлари, салқин ичимликлар, қандолат маҳсулотлари, ун ва ун маҳсулотлари, маргарин маҳсулотлари ва бошқалар ўрин олган. Бундан ташқари, ўзбекистонлик ошпазлар ҳар куни миллий таомларни (шўрва, сомса, нон ва бошқалар) тайёрлаб, кўргазма меҳмонларини сийлашади.
Ўзбекистон тадбиркорлари “Яшил ҳафталик”да бошқа давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида иштирок этиб, турли маҳсулотларни импорт ва экспорт қилиш бўйича шартнома ва битимлар тузишга тайёр. Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун қўшимча имкониятларни кенгайтиришни режалаштирган.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва «Ўзекспомарказ» МКК ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси миллий стенди ташкил этилди.