Ру Ўз O'z En
25 Ноябрь 2026

AgrotechExpo Uzbekistan – 2026», «AgromaсhExpo Uzbekistan – 2026» ва «AgroExpo Uzbekistan – 2026» халқаро кўргазмалари

2026 йил 25-27 ноябр кунлари “Ўзэкспомарказ” МКК” АЖ ва IFWexpo Heidelberg GmbH (Германия) компанияси «AgrotechExpo Uzbekistan - 2026», «AgromaсhExpo Uzbekistan - 2026» ва «AgroExpo Uzbekistan - 2026»  халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаларини Миллий кўргазма мажмуасининг 1- ва 2- сонли павильонлари ҳамда очиқ майдонларида ташкил этмоқда.

XX халқаро «AgrotechExpo Uzbekistan - 2026» кўргазмаси республика агросаноат соҳасининг замонавий ускуналари ва технологияларига, XIV халқаро «AgromaсhExpo Uzbekistan - 2026» кўргазмаси қишлоқ хўжалиги техникаси ва машиналарига, X халқаро «AgroExpo Uzbekistan - 2026» кўргазмаси эса боғдорчилик, иссиқхона хўжалиги, ўсимликшунослик ва чорвачилик соҳаларига бағишланади.

1998 йилдан буён мунтазам равишда ўтказиб келинаётган мазкур кўргазмалар қишлоқ хўжалигини илғор технологиялар ва замонавий ускуналар билан таъминлаш, соҳанинг долзарб масалаларига самарали ечимлар топишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Кўргазмаларнинг асосий йўналишлари: «Қишлоқ хўжалиги техникаси», «Иссиқхона хўжалиги», «Суғориш технологиялари», «Дастлабки қайта ишлаш», «Ўсимликшунослик», «Озуқалар ишлаб чиқариш», «Чорвачилик», «Ветеринария», «Сутчилик хўжалиги» ва бошқалар.

Кўргазмалар экспозицияси ёпиқ павильонлар ва очиқ майдонларни қамраб олган ҳолда 7 500 кв. метрдан ортиқ майдонни эгаллайди.

Кўргазмаларда Австрия, Арманистон, Беларусь, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Италия, Хитой, Португалия, Россия, Туркия, Ўзбекистон, Франция, Швеция каби 15 та мамлакатдан 200 дан ортиқ компания иштирок этмоқда.

Кўргазмаларнинг бош ҳамкори ва ҳомийси қишлоқ хўжалиги техникаси, рақамли ечимлар ва деҳқончилик технологиялари соҳасида жаҳон етакчиларидан бири бўлган «John Deere» компанияси ҳисобланади. Компания аграр соҳа вакилларига ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва янги авлод қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга хизмат қилувчи замонавий ечимларни таклиф этади.

Мазкур кўргазма аграр соҳадаги илғор технологияларни намойиш этувчи муҳим халқаро майдон бўлиб, турли мамлакатлардан қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари, фермерлар, агрокорхоналар, инвесторлар ва соҳа экспертларини бирлаштиради.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигини замонавийлаштириш, юқори унумдорликка эга техникага бўлган талабни қондириш, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ҳамда барқарор хўжалик юритиш усулларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Кўргазма дастуридан алоҳида ўрин эгаллаган тадбир - Ўзбекистон фермерларининг III миллий форуми ҳисобланади. Форум доирасида фермер хўжаликларини ривожлантириш, наслли чорвачилик, чорва моллари насл сифатини яхшилаш, замонавий технологиялар, ветеринария, озуқа етиштириш ва инвестицияларни жалб қилиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Кўргазманинг очиқ майдонларида чорва ҳайвонлари экспозицияси ва наслли чорва моллари аукциони ташкил этилади. Ташриф буюрувчилар ҳайвонларнинг зот хусусиятларини баҳолаш ҳамда замонавий наслчилик имкониятлари ҳақида батафсил маълумот олиш имкониятига эга бўладилар.

Шунингдек, кўргазма доирасида IX Халқаро Ўзбекистон Паррандачилар форуми бўлиб ўтиши режалаштирилган.

 

Кўргазма ташкилотчилари:

«Ўзэкспомарказ» МКК» AЖ

Ўзбекистон Республикаси, 100084,

Тошкент шаҳар, Амир Темур кўчаси,107

Tel: (+998 71) 238 56 00, 238-56-11

e-mail: : uzagrotexmash@gmail.com

 

IFWexpo Heidelberg GmbH

Landfriedstr. 1А, 69117

Heidelberg, Германия

Tel.: +49-(0)6221-1357 0

Fax: +49-1(0)6221-1357 23

e-mail: info@ifw-expo.com

10 Чоп етиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech