2025-йил 9–11-сентябр кунлари “Ўзэкспомарказ” МКК” АЖ ҳудудида тўқимачилик саноатига бағишланган йирик халқаро кўргазмалар 16-Марказий Осиё халқаро тўқимачилик ускуналари ва технологиялари кўргазмаси – CAITМЕ 2025 ҳамда 25-юбилей халқаро тўқимачилик ва тикувчилик саноати кўргазмаси – TextileExpo Ўзбекистон Куз 2025 бўлиб ўтади.
Ушбу кўргазмаларда Австрия, Беларус Республикаси, Белгия, Буюк Британия, Германия, Греция, Дания, Ҳиндистон, Италия, Қозоғистон, Хитой, Корея Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Португалия, Россия, АҚШ, Туркия, Ўзбекистон, Чехия, Швейцария, Швеция ва Япония каби 23 давлатдан 250 дан ортиқ компания ва брендлар ўз маҳсулотларини намойиш этадилар.
CАITМЕ ва TextileExpo Uzbekistan кўргазмаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун кенг имкониятларни очиб беради — энг замонавий технологиялар ва ускуна билан танишишдан тортиб, ўз маҳсулотларини халқаро бозорларга чиқаришгача.
CАIТМЕ — бу тўқимачилик ва трикотаж саноатига мўлжалланган ускуналар кўргазмаси бўлиб, унда Европа ва Осиёнинг илғор технологияларини таклиф қилувчи етакчи ишлаб чиқарувчилар иштирок этади. Кўргазма экспозицияси 1, 2, 3-сонли павильонлар ҳамда Атриум 1 залида жойлаштирилади.
TextileExpo Uzbekistan — тўқимачилик ва енгил саноатнинг барча йўналишларини ўз ичига олган бўлиб, унда ип-калава, матолар, трикотаж, ипак, уй текстили, пайпоқ маҳсулотлари, бўёқлар, кимёвий моддалар, аксессуарлар, поябзал ва бошқа кўплаб маҳсулотлар тақдим этилади. Ушбу кўргазма 4-сонли павильон ва Атриум 2 залида бўлиб ўтади.
Тадбирлар доирасида шунингдек кенг қамровли бизнес дастур, B2B учрашувлар ва тақдимотлар ташкил этилади.
Ташкилотчилар –Iteca Exhibitions халқаро кўргазма компанияси ҳамда унинг ҳамкори ICA Eurasia Group.